Афғонистонда бузиб ташланган Алишер Навоий ҳайкали 1 ой ичида қайта қурилади
Афғонистоннинг Мазори-Шариф шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлигини қайта тиклаш лойиҳасига тамал тоши қўйишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу хақда Дунё агентлиги хабар берди.
Тадбирда Мазори-Шариф шаҳар ҳокими Абдулраҳмон Ҳеммат, Ташқи ишлар вазирлигининг Балх вилоятидаги ваколатхонаси раҳбари Аминулла Содиқ, Ўзбекистон консулхонаси ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Алишер Навоий ёдгорлик-мажмуаси қурилиши шаҳар ҳокимлиги бюджетидан молиялаштирилади ва бир ой муддатда қуриб битказилиши кўзда тутилган.
Мазори-Шариф шаҳри ҳокими Абдулраҳмон Ҳеммат ўз нутқида афғон халқи буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий шахсиятига чуқур ҳурмат билан қарашини таъкидлади.
Янгидан барпо этиладиган мажмуа учун катта ер майдони ажратилди, унда Навоийнинг таржимаи ҳоли, ҳаёт йўли, давлат арбоби сифатида амалга оширган хайрли ишлари акс эттирилган лавҳа ўзбек, инглиз, дари ва пушту тилларида ўрнатилади, шунингдек, кутубхона ташкил этилади. Ушбу ёдгорлик-мажмуасини маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган муносиб масканга айлантирамиз, – деди шаҳар ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, 2023-йилнинг февралида шоирнинг барелефи вайрон қилиниб, сўнг иншоот бутунлай бузиб ташланган эди.