Мозори Шарифда Алишер Навоий ҳайкали бутунлай бузиб ташланди
Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида буюк шоир Алишер Навоий ҳайкали бутунлай бузиб ташланди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурхонов ходисага изоҳ берди.
Қайд этилишича, 2023-йилнинг февралида шоирнинг барелефи вайрон қилинган, ҳозирда у ҳақидаги маълумотлар акс этган иншоотнинг қолган қисми хам бузиб ташланган.
Шундан сўнг, буюк шоир ва мутафаккирнинг ҳайкали бузиб ташлангани ҳақида маълум бўлиши билан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳлар олиш мақсадида Афғонистон ҳукумати вакиллари билан билан тезкор равишда боғланган.
Олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган, — дейилади хабарда
Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдиргани айтилди.
Бундан ташқари Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берган.