Суданда авиаҳужум оқибатида 5 нафар БМТ ходими ҳалок бўлди
Суданда БМТ карвонига уюштирилган авиаҳужум оқибатида 5 нафар ходим ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Суданнинг урушдан зарар кўрган ал-Фашер шаҳрига гуманитар ёрдам етказаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тегишли карвонга авиаҳужум уюштирилган.
БМТ ҳужум тафсилотлари ҳақида ҳозирча баёнот бермаган, бироқ ҳодиса юзасидан зудлик билан тергов ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирган.
Қайд қилинишча, ёрдам карвони озиқ-овқат ва болалар агентликларига тегишли бўлиб, 15 та юк машинасидан иборат бўлган ва очарчиликдан азият чекаётган ал-Фашерга йўл олган бўлган.
Шунингдек, ҳужумдан сўнг «ал-Кома» фавқулодда вазиятлар гуруҳи ёниб кетган юк машинаси видеосини эълон қилди ва ҳужумда Судан армиясини айблади.
Гуруҳнинг маълумотига кўра, 1 июнь куни ҳарбий самолётлар томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари натижасида камида 89 киши ҳалок бўлган ёки яраланган.
Судан армияси бу айбловларга ҳозирча изоҳ бермаган.