Санепидқўмита Тошкент боғчаларида карантин жорий этилиши ҳақидаги хабарларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги айрим боғчаларда карантин жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Вазиятга Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлиги қўмитасининг пойтахт бошқармаси изоҳ берди.

 Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида карантин эълон қилинишига сабаб бўладиган хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарор. Ижтимоий тармоқларда айтилаётган турли касалликлар (қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқалар) бўйича карантин эълон қилиниши заруратини келтириб чиқарадиган ҳолатлар мавжуд эмас, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳар йили қишки мавсумда грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатлари аҳолида мавсумий равишда кўпаяди. Шу сабабли таълим ташкилотларида болалар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида эрталабки фильтр ишлари, тана ҳароратини ўлчаш, касаллик белгилари бор болаларни вақтинча ажратиш, ота-оналарга тавсиялар бериш каби профилактик чоралар олиб борилади.

Натижада, айни шу фильтр жараёнлари айрим фуқаролар томонидан карантин сифатида нотўғри талқин қилингани билдирилди.

Ўзбекистон