Тошкентда аёлларни Туркияга фоҳишалик учун жўнатмоқчи бўлган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди

Тошкент аэропортида аёлларни хорижга фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Жумладан, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан бўлган икки нафар аёлга гумонланувчилар Туркияда қонуний иш топиб беришни ваъда қилади. Аслида эса улар фуқароларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида олиб чиқиб кетгани учун пулли мукофот олишни режалаштиради.

Аниқланишича, ушбу шахслар оғир аҳволда қолган қизлар ва аёлларни қидириб топиб, уларни иш билан таъминлаш баҳонасида фуқароларни алдаб, хорижга жўнатган.

Натижада, гумонланувчилар аёлларни Истанбулга олиб бориш учун ҳужжатларни расмийлаштираётганда қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон