Ўзбекистонда хонадон харид қилганлар фойдасига 22 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди
Ўзбекистонда қурилиш соҳасига оид мурожаатлар асосида 22,1 млрд сўм фуқаролар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди, деб хабар берди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қайд этилишича, 2025 йилда Рақобат қўмитасига кўп квартирали уйлардан хонадон хариди бўйича 1 700 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 76% ижобий ҳал қилиниб, 22,1 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган. Мурожаатларнинг асосий қисми уйларнинг таъмир сифати (42,9 %) ва коммуникация тармоқлари (40,8 %) билан боғлиқ бўлиб, 16,3 фоизи уйларни ўз вақтида топширилмаслигига тўғри келган.
Шунингдек, қўмита томонидан 130 га яқин қурувчи–истеъмолчи шартномалари ўрганилганда аксарият шартномаларда қайта ҳисоб-китоб механизми, объектни топшириш муддати, кечиктириш учун пеня, кафолат муддати ва нуқсонларни бартараф этиш мажбуриятлари белгиланмаганлиги билдирилди.
Шартномани бекор қилиш масаласида ҳам камчиликлар кузатилиб, аксар ҳолатларда фақат қурувчи манфаатлари кўзда тутилган. Шунингдек, шартнома бекор қилинганда харидорга тўловни қайтариш муддатлари асоссиз равишда 30–180 кундан тортиб, 24–36 ойгача этиб белгиланган.
Бундан ташқари, айрим ҳолатларда «Агент» ёки «Тижорат вакили» орқали тузилган шартномаларда қурилишга масъул қурувчи томонидан шартнома имзоланмай расмийлаштирилгани аниқланган. Табиийки, шартномадаги бу каби қонунбузилиш ҳолатлари ва мавжуд камчиликлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузилишига олиб келади ва мажбуриятини бажармаган қурувчига эса ҳеч қандай ҳуқуқий жиҳатдан жавобгарлик белгиланмайди.
Натижада, қўмита томонидан 120 та турар жой мажмуаси бўйича берилган реклама ҳолати ўрганилиб, рухсат ҳужжатларисиз ва электрон рўйхатга киритилмаган бир қатор объектлар реклама қилингани аниқланди ва қурилиш компанияси ҳамда реклама берувчиларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилди, қонунбузилиш ҳолатларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Шунингдек, рухсат ҳужжатларига эга бўлмаган қурилиш объектларини реклама қилмаслик юзасидан ОАВ ва реклама соҳаси агентликларига огоҳлантириш хатлари юборилди.





