Наманганда пластик карта орқали пора олган божхона инспектори қўлга олинди

Наман­ган вилояти божхона бошқармасига қарашли «Учқўрғон» чегара божхона пости инспектори пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, инспектор Давлатобод туманида яшовчи фуқаронинг хориждан олиб кирган 57 дона iPhone 16 Pro Max телефонларини Тошкент халқаро аэропортида ишловчи божхона ходими орқали орқали IMEI рақамига рўйхатдан ўтказиб бериш учун ҳар бир телефон эвазига $100 дан, жами $5,7 минг талаб қилган. Шунингдек, илгари декларацияланмаган кийим-кечакларни олиб кирган фуқаро устидан чоралар кўрмаслик эвазига $400 пора сўраган.

11 ва 14 июль кунлари пора миқдорининг $900(11,3 млн сўм)и божхона ходими ва унинг қариндошига тегишли банк карталарига ўтказилган. 16 июль куни эса $1 минг эквивалентидаги 12,5 млн сўмни картага ўтказдириб олаётганида у далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон