Фарғона давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берди
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятидаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вазиятга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 21 феврал куни соат 19:00 дан бошлаб Фарғона шаҳар ҳудудида жойлашган 2-сонли, 58-сонли ва 61-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари тана ҳароратини кўтарилиши, қоринда оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич ўтиши белгилари билан мурожаат билан келишган.
Аниқланишича беморларда қорин соҳасида оғриқ, ич кетиши, ҳароратни кўтарилиши, кўнгил айниши каби соғлиғида салбий ҳолатлар кузатилган. Шифохонада даволовчи врачлар томонидан беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, «Ўткир диарея касаллиги, алиментар этиологияли» ташхиси билан диярея бўлимига ётқизилган.
Ҳозирда бўлимда 62 нафар беморлар стационар даволанаётган бўлиб, ҳолати яхши эканлиги билдирилди. Шунингдек, боғчаларнинг ошхоналарида ва овқат етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказиб, болалар истеъмол қилган таомлардан лаборатория намуналари олиниб текширилмоқда.





