Тошкент вилоятида ширинлик егани учун боласининг қўлларини куйдирган она 2 йилга қамалди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида рухсатсиз ширинлик егани учун 8 ёшли боласининг қўл ва оёқ бармоқларига пахта тиқиб ёққан она 2 йилга қамалди.

Қайд этилишича, 34 ёшли Х.А. 2016 йилда туғилган ўғли Б.А.га доимий равишда азоб бериб келган. Аёл 2024 йил 30 октябрь куни ўғли уйдаги ширинликларни еб қўйгани сабабли унинг бармоқлари ораси ва бошқа тана аъзоларига пахта тиқиб ёққан.

Оқибатда бола 1−2-даражали термик куйишдан иборат бўлган соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келувчи енгил тан жароҳатлари олган.

Боладаги жароҳатларни мактабдаги ўқитувчилари пайқаб қолган. Уларнинг сўровига жавобан бола бу ишни онаси қилганини айтган.

Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳри судининг ҳукми билан аёл Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» бандида (Вояга етмаган шахсни қийнаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларида ўташ белгиланган.

Тошкент