Ўзбекистонда бошпанасиз шахсларга вақтинчалик турар жой бериш тартиби тасдиқланди
Мамлакатда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий реабилитация марказларига жойлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш регламенти қабул қилинди

Ўзбекистон Ҳукумати «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга вақтинчалик турар жой бериш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
Хусусан, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий реабилитация марказларига жойлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, марказларга жойлаштириш муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг бевосита мурожаати ҳамда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамга муҳтож ҳолатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса асосида амалга оширилади.
Марказга жойлаштирилган шахслар дастлаб етти календарь куни давомида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс деб эътироф этилади. Сўнгра уларнинг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжлари баҳоланиб, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш бўйича индивидуал режа ишлаб чиқилади.
Марказларнинг ижтимоий ходимларига «Инсон» марказлари ижтимоий ходимлари учун белгиланган тоифаларга мувофиқ иш ҳақи ва мукофот пуллари тўланади, шунингдек, улар фаолиятининг самарадорлиги баҳолаб борилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб ҳокимликларнинг муниципал ва мақсадли коммунал уй-жой фондидаги яшаш майдонлари биринчи навбатда давлат таъминотида бўлган, доимий яшаш жойига эга бўлмаган ва хусусий кўчмас мулки бўлмаган оилаларга ижара шартлари асосида берилади.
Бунда уй-жой учун ижара тўлови кўчмас мулкни ижарага олувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланадиган ҳамда ҳар йили тасдиқланадиган энг кам ижара ставкаларининг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорда белгиланади.





