Ўзбекистонда рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисидаги конституциявий қонун қабул қилинди
Ҳужжатда рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш, инновацион маҳсулот ва хизматларни яратиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда рақамли хизматлар экспортини кенгайтиришга қаратилган янги ҳуқуқий механизмлар белгилаб берилган

Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасида халқаро компаниялар ва инвесторлар учун янги ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонун қабул қилинди.
Қонун билан Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш, инновацион маҳсулот ва хизматларни яратиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда рақамли хизматлар экспортини кенгайтиришга қаратилган янги ҳуқуқий механизмлар белгиланмоқда.
Ушбу Қонун билан Рақамли технологиялар халқаро марказининг алоҳида ҳудуд сифатидаги мақоми ва унинг ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим асослари белгилаб берилмоқда.
Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири инновацион технологиялар ва бизнес моделларини амалиётда синаб кўриш имконини берувчи «Тартибга солиш қумдони» механизми бўлади.
У орқали янги технологиялар, маҳсулотлар ва хизматларни амалда синаш учун алоҳида ҳуқуқий шароитлар яратилади. «Тартибга солиш қумдони» доирасида вақтинча енгиллаштириш ёки соддалаштириш шартлари қўлланилиши, шунингдек инновацион ечимларни синовдан ўтказиш учун махсус регулятор майдончалар, зоналар ва лабораториялар ташкил этилиши мумкин.
Умуман, Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш рақамли технологиялар соҳасида инновацион компаниялар, стартаплар, инвесторлар ва халқаро мутахассислар учун ягона ва махсус ҳуқуқий муҳит шакллантиришга қаратилган.
Мазкур ёндашув орқали инновацион технологияларни синовдан ўтказиш ва жорий этиш, рақамли соҳада инвестиция фаоллигини ошириш, стартаплар ва венчур инвестициялар экотизимини ривожлантириш, хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда рақамли маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш учун зарур ҳуқуқий асос яратилади.





