Тошкентда такси ҳайдовчиси йўловчи аёл билан тортишувдан сўнг калтакланди
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда

Яқинда ижтимоий тармоқларда такси ҳайдовчиси ва йўловчи аёл ўртасидаги низо тасвирланган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати муносабат билдирди.
Видеога олинган ҳодиса 17 август куни Яшнобод туманидаги Абдулла Қодирий кўчасида содир бўлган.
Жумладан, Onix русумли автомашина ҳайдовчиси, 1999 йилда туғилган Ж.Ё. ҳамда йўловчиси, 2001 йилда туғилган Х.Д. ўртасида оғзаки можаро келиб чиққан.
Сўнгра ҳайдовчи аёлдан автомашинадан тушишни сўраган. Бироқ аёл бу талабни бажармасдан, воқеа жойига икки нафар таниши: 2003 йилда туғилган Н.М. ва А.Т.ларни чақирган.
Ҳодиса жойига етиб келган ушбу шахслар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат тартибини бузиб ҳайдовчи билан ўзаро жанжаллашиб кетган, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.





