Ўзбекистонда мактаб бозорларидаги савдо объектлари нархларни асоссиз оширмасликка чақирилди
Ота-оналар ва ўқувчиларга маҳсулот сифати, ишлаб чиқарувчи, нарх ва бошқа муҳим маълумотларга эътибор қаратиш тавсия этилди

Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мактаб бозорларида нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймасликка чақирди.
Бугунги кунда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш доирасида республикамиз ҳудудидаги умумтаълим мактаблари, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида мавсумий «Мактаб бозорлари» ташкил этилган. Ўқув йилига тайёргарлик кўраётган ота-оналар ва ўқувчилар мазкур мавсумий савдо нуқталарига зарур ўқув-ёзув қуроллари, дарсликлар, мактаб формалари ва бошқа ўқув анжомларини сифатли ҳамда ҳамёнбоп нархларда харид қилиш учун ташриф буюрадилар, — дейилади хабарда.
Шу сабабли, Рақобат қўмитаси мактаб бозорларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини дарсликлар, мактаб формалари, ўқув-ёзув қуроллари ва бошқа анжомлар нархларини асоссиз оширмасликка ҳамда белгиланган қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақирди.
Шунингдек, ота-оналар ва ўқувчиларга харид жараёнида маҳсулотнинг сифати, ишлаб чиқарувчиси, нархи ва бошқа муҳим маълумотларига эътибор қаратишлари тавсия этилди.
Тадбиркорлик субъектларига эса «Мактаб бозорлари»да сотилаётган маҳсулотларнинг сифати, нархларнинг асослилиги, истеъмолчиларга зарур ахборотларнинг тақдим этилиши ҳамда савдо жараёнида истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши шартлиги эслатиб ўтилди.





