Ўзбекистонда «Умра» зиёратига юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди

Ҳозирда ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган

Ўзбекистонда фуқароларни «Умра» зиёратига ноқонуний юбориш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1981 й.т. шахс тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда, ўзини «Умра» зиёратини ташкил этишга рухсат берилган турфирманинг гўёки вакили сифатида таништириб, 3 нафар фуқарони Саудия Арабистонига «Умра» сафарига юбориш ва муқаддас амалларни тўлиқ бажаришларини таъминлаб бериш эвазига жами 3450 АҚШ доллари талаб қилган.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс 3400 доллар ва 600 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Фарғона шаҳрида кузатилган ҳолатда эса 1998 й.т. шахс ўзининг танишлари орқали 4 нафар фуқарони «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилиб, жами 4200 АҚШ доллари талаб қилган.

Лекин, сўралган пул маблағини олган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон