Тошкентда қурилиш анжомлари ичига яширилган синтетик гиёҳвандлик воситалари аниқланди

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган

Тошкентда синтетик наркотиклар айланмаси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда Юнусобод туманида яшовчи, 1992 й.т. шахс тўхтатилиб текширилади.

Натижада унга тегишли бўлган перфоратор қурилиш асбоби ичига 478 гр Alfa-PVP синтетик наркотик моддаси яширилгани аниқланади.

Айнан ушбу туманда қайд этилган бошқа ҳолатда эса Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи, 2009 й.т. шахсга тегишли ёғоч кесувчи асбоб (бензопила) ичига 107 гр Alfa-PVP моддаси яширилгани фош бўлди.

Терговга қадар текширув давомида ҳар икки ҳолатда ҳам гиёҳвандлик воситалари Россия Федерациясидан почта жўнатмаси орқали юборилгани маълум бўлади.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон