Қўқонда кўп қаватли уйда газ портлади: 1 киши ҳалок бўлди

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида кўп қаватли уйлардан бирида газ портлаши содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ФВБ матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, «Мукимий» кўчасидаги кўп қаватли уй ёнаётганлиги тўғрисидаги хабар 16 февраль соат 21:18 да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига келиб тушган.

Шундан сўнг, ёнғин-қутқарув экипажлари соат 21:23 да етиб бориб, 21:25 да ўраб олиниб, 21:32 да ёнғин батамом ўчирилган.

Ёнғин газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида содир бўлган бўлиб, 28-уйнинг 50 кв.м майдонда том ва шифт қисми ҳамда уй жиҳозлари ёнган.

Чақнаш оқибатида 4 нафар фуқаро турли даражада куйиш тан жароҳати олиб, шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан 1 нафар фуқаро вафот этган.

Ҳозирда ҳодисанинг сабаблари аниқланмоқда.

Ўзбекистон