Ноқонуний балиқ овлаб, табиатга 400 млн сўмга яқин зарар етказган «браконьерлар» ушланди
Ўзбекистонда ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари аниқланиб, бунинг натижасида атроф-муҳитга катта зарар етказилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, 2 январь куни Айдар-Арнасой кўлининг назорат ҳудудида тунги вақтда ҳаракатланаётган Lacetti русумли транспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилади. Автомобил юкхонасидан, кўлдан ноқонуний равишда тутилган жами 344 дона 4 хил турдаги балиқ маҳсулотлари борлиги аниқланади.
Шу куни бошқарма ходимлари томонидан кўл ҳудудида қайиқ ва тўр ёрдамида балиқ маҳсулотларини ноқонуний равишда овлаётган 2 нафар фуқаро қўлга олинади.
Дастлабки ўрганишлар жараёнида фуқароларнинг олдида 40 дона судак туридаги балиқ маҳсулоти борлиги аниқланган. Ноқонуний балиқ овлаш натижасида табиатга келтирилган тахминий зарар 387 млн сўмни ташкил этган.
Ҳозирда ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун суд органларига жўнатиш чоралари кўрилмоқда. Овланган балиқ маҳсулотлари ҳудудга хизмат кўрсатувчи МЧЖга топширилди.





