Президент Бухоро халқаро аэропорти лойиҳаси билан танишди

9 октябрь куни Шавкат Мирзиёевга Бухоро халқаро аэропорти лойиҳаси бўйича ахборот берилди. Бу ҳақида Президентнинг матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатда аэропортларни модернизация қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг ўзида Шаҳрисабз, Қўқон ва Зомин аэропортлари ишга туширилди, Наманган ва Андижонда эса модернизация бошланди.

Аэропортлар бошқарувига хусусий сектор жалб қилинаётгани ҳам самара бермоқда. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилингач парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробарга ошган.

Шундай ҳолат Бухорода ҳам кузатилиши эҳтимоли бор. Бироқ бу ердаги аэропорт аҳоли ва туристлар талабига жавоб бермаяпти. Мазкур аэропорт соатига 400 нафар ёки йилига 1 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади, холос. Бу – талабга нисбатан жуда паст, дейилади хабарда.

Парвозларни бошқариш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимлари, кутиш-кузатиш заллари эскиргани қатновларни кўпайтириш имконини чекланган. Аксарият сайёҳлар Бухорога бориш учун Тошкент, Самарқанд ёки Урганч аэропортларига қўнишга мажбур бўлмоқда. Масалан, 9 ойда Бухорога ташриф буюрган 1 миллиондан зиёд хорижий туристларнинг 95 фоизи поезд ёки автомобилда борган.

Жумладан, вилоятда меҳмонхоналар тармоғи, зиёрат туризми ривожланиб бормоқда. Келгуси уч йилда Бухорога туристлар оқимини 8 миллионга етказиш режа қилинган.

Бухоро