«Шу куннинг ўзида келин-куёв ярашиб кетган, ҳозирги пайтда улар бирга истиқомат қилмоқда» — Сенат

Олий Мажлис Сенати Сурхондарёда тўйида калтак еган келин можаросига муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, бу ҳолат юзасидан Олий Мажлис Сенати Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан ўрганишлар олиб борилган. Аниқланишича, бу тўй 2022 йил 6 июнда, Сурхондарё вилояти Узун туманидаги «Толтугай» маҳалласида бўлиб ўтган. Воқеа юз берганидан кейин маҳалладаги отахон ва онахонлар, келин-куёвнинг яқинлари иштирокида воқеа муҳокама этилиб, куёвнинг қилмиши нотўғри бўлгани танқид қилинган. Йигит қилмишидан пушаймон эканлигини айтиб, келиндан кечирим сўраган. Шу куннинг ўзида келин-куёв ярашиб кетган, ва улар ҳозирда бирга яшаётгани айтилган.

Таъкидланишича, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сенатда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан ишчи гуруҳ тузилган.

Айтилишича, ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, шу жумладан, жазо чораларини кучайтириш юзасидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар, ёшлар фикрлари ўрганилиб, таклифлар йиғилмоқда.

Олий Мажлис Сенати Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аёлларга, қизларга бўлаётган бундай зўравонлик ҳолатларини кескин қоралашини қайд этган. Ҳамда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик, зўравонлик қилаётган шахсларга кескин чоралар кўриш бўйича иш олиб боришни мақсад қилиб қўйганини қайд этган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда тўйда куёв келинни тўй вақтида ураётгани акс этган видео тарқалганди.

Янгиликлар