Ўзбекистонда электр энергиясини сотадиган хусусий компаниялар ташкил этилади
Ўзбекистонда электр энергиясини сотадиган хусусий компаниялар ташкил этилиши маълум қилинди.
Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказган. Унда 2023 йилда 14 та туман ва шаҳарда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга муқобил тарзда, истеъмолчиларга электр энергиясини сотадиган хусусий чакана электр савдо компаниялари ташкил этилиши таъкидланган.
Шунингдек, тармоқ раҳбарларига трансформация жараёнини жадаллаштириш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қила оладиган компанияларга айлантириш кераклиги таъкидланган. Соҳа корхоналарининг операцион харажатларини оптималлаштириш, электр узатиш тармоқларини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
Ҳукумат ва соҳа раҳбарларига ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.