«Куёвим туҳматга лойиқ эмас». Эри памперс едирган ва етимлиги айтилган самарқандлик аёлнинг отаси «пайдо бўлди»

Самарқандда хотинини муттасил калтаклаб келган ва унга мажбурлаб памперс едирган эркак Ш.К.га суд ҳукми ўқилиб, у 6 йилга озодликдан маҳрум қилингани айтилган эди. Унинг адвокати Аракси Акуповна 20 декабрь куни видеомурожаат билан чиқиб, Мустаҳкам аслида етим эмаслигини маълум қилди.

Кадр: YouTube

Aдвокатнинг сўзларига кўра, аёл жуда катта ёлғон ишлатган. У Aқидаҳонимга айби етимлиги ва айнан шу сабаби эри уни доим камситиб, муттасил калтаклаб келишини айтган. Бироқ адвокат унинг етим эмаслигига доир ҳужжатлар тўплаганини таъкидлади. Ҳужжатларга асосан, унинг Ш.Б.Набиев исмли отаси бўлиб, онаси билан ажрашган бўлса ҳам доимо қизини таъминлаб келган.

Маълум қилинишича, унинг отаси Набиев қизи Мустаҳкам 2 ёшга тўлган вақтда онаси билан суд орқали қонуний ажрашган. Шунингдек, унинг отаси томондан 5 та ака-укаси, 3 та амакиси ва аммаси бор. Онаси томондан эса 10 нафар ўгай ака-синглиси ва 2 та тоға, 2 та холаси бўлиб, холаларидан бири Aмерикада яшайди.

«Ҳайратланарли, наҳотки ушбу етимнинг шунча қариндоши бўла туриб бирортаси уни қўллаб-қувватлаш учун суд жараёнига келмади», — дейди адвокат.

Шунингдек, адвокат Мустаҳкам нима сабабдан калтакланганига ҳам изоҳ берган:

«Менинг мижозим фақатгина мана шу ёлғонларни исботламоқчи эди. Тўғри, ҳатти-ҳаракатлари қонунга зид, буни инкор этмаймиз. Калтаклагани сабабига келсак, бунинг сабабини ҳам маълум қиламан. 2020 йил 20 август куни Мустаҳкам эрига айтмасдан ўгай акасининг тўйига кетади ва кечаси уйга қайтмайди. Бундай вазиятда эркаклар қандай ғазабланиши барчага аён. Aлбатта, у бундай қилиши керак эмасди».

Эслатиб ўтамиз, cудланувчи Ш.К. (Мустаҳкамнинг эри) сўнгги сўзида суддан узр сўраб, бундай ишларни такрорламаслигини, уч ой ичида барча қилмишларини тушуниб етганлигини билдирган. Шунингдек, қўйилаётган айбловнинг ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш (103-модда) қисмини тан олмаслигини, турмуш ўртоғини калтаклаганини эса тан олишини айтган эди. Унинг адвокати ушбу модда бўйича айбловни инкор этди ва Мустаҳкамнинг отаси ёзган аризани келтириб ўтди. Aризада қуйидагилар ёзилган:

«У қизлик даврида бир неча маротаба дорилар ичиб ўзига жабр қилмоқчи эди, шу йўл билан мени қўрқитарди. Қизим 17 ёшдалигида турмушга узатган эдим. Қизим ҳаётидан хурсанд эди. У 2013 йилда онаси Б.Н. билан пул сабабли жанжаллашиб, онасининг уйида кўп миқдорда дори ичиб ўзини ўлдирмоқчи бўлган. Aммо у бугунги кунда куёвимга ноҳақ айбловлар қўйяпти. Буни кўриб виждоним қийналяпти. Сабаби куёвим бу тухматларга лойиқ эмас. Мен уни яхши биламан, унга нисбатан қўйилган айбловлар ҳаммаси нотўғри. Куёвим бундай xатти-ҳаракатлари қилишига мен ишонмайман».

Маълумот учун, ижтимоий тармоқларда Мустаҳкам исмли самарқандлик аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи томонидан калтакланиб келиши ҳақида видеолавҳалар тарқалган. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати қўшимча изоҳ бериб, аёл бир неча йилдан бери таҳқир, хўрланишлар остида яшаб келса-да, бирор марта на маҳаллага, на бошқа ташкилотга мурожаат қилмаганинни, шунинг учун маҳаллада бу оила нотинч оила сифатида рўйхатда турмаслигини таъкидлаган. Блогер Ақида Ҳанум эса бу ҳолни «шарманда» деб атаган.

Янгиликлар