«Ўзбекгидроэнерго» халқаро кредит рейтингида «барқарор» даражасини олди
«Ўзбекгидроэнерго» жамияти томонидан 16 декабрь куни ташкил этилан матбуот анжуманида жамият «Fitch Ratings» халқаро кредит рейтингининг «B+» даражасини қўлга киритгани маълум қилинди. Бу ҳақда матбуот анжуманида иштирок этган «Tez News» мухбири хабар қилди.
Хабарга кўра, март ойида жамият тизимида «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари» (МҲХС) бўлими ташкил этилиб, «PricewaterhouseCoopers» халқаро аудиторлик ташкилоти билан ҳамкорлик асосида жамият молиявий фаолияти халқаро стандартлар талабларига биноан аудиторлик текширувидан ўтказилган.
Ушбу йўналишда олиб борилган ишлар натижасида, октябр ойида жамият ва унинг тизим корхоналарининг 2017/2019 йиллар МҲХС асосида тайёрланган биринчи татбиқ этилган умумлашган молиявий ҳисоботига «PricewaterhouseCoopers» халқаро аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосаси олинган.
Шунингдек, «Ўзбекгидроэнерго» AЖнинг молиявий барқарорлигини ва инвестисиявий жозибадорлигини аниқлаш ҳамда баҳолаш мақсадида, июн ойида жамиятнинг халқаро кредит рейтингини олиш учун дунёнинг етакчи учлик рейтинг агентликларидан бири ҳисобланган «Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентлиги билан шартнома имзоланган. Бунга асосан, жамият республикада ишлаб чиқарувчи корхоналар орасида биринчилардан бўлиб «Fitch Ratings» халқаро кредит рейтингининг «B+» (барқарор) даражасини қўлга киритди.
Қўлга киритилган мазкур ютуқ, келгусида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий кредитларни давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри жалб қилиш имкониятини беради. Шу билан бирга, «Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентлиги томонидан берилган «B+» (барқарор) даражасидаги рейтинги келгусида жамиятга ўз евробондларини Лондон фонд биржасига жойлаштириш имкониятини яратади.
Аввалроқ Сурҳондарё вилояти Сариосиё туманида «Ўзгидроэнерго» жамияти томонидан бир гуруҳ ОАВ вакиллари учун Тўполанг сув омбори ва ГЭС фаолияти, унда олиб борилаётган модернизация ишлари билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.