Ўзбекистонда кучли зилзилалар сунъий интеллект ёрдамида прогноз қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев «Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ва сейсмология самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.
Ҳужжатда қуйидаги устувор йўналишлар белгиланган:
• маданий мерос объектлари ва транспорт иншоотларининг сейсмик барқарорлигини мониторинг қилиш тизимини яратиш;
• сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини рақамлаштириш ҳамда тармоққа сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;
• қурилиш майдонлари учун грунт асосларини ўрганиш ва уларнинг барқарорлигини ошириш бўйича чоралар кўриш.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
• кучли ёмғир ёки бошқа омиллар натижасида кўчки юз бериши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларда (А–373 ва М–39 автомобиль йўллари, шунингдек, улар орқали ўтувчи тоғли ҳудудлардаги темир йўллар) доимий радиолокацион космик мониторинг тизими ташкил этилади;
• юқори сейсмик хавф мавжуд бўлган ҳудудларда сунъий интеллект ёрдамида кучли зилзилаларни ўрта муддатли ва узоқ муддатли башорат қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Дастлабки босқичда, тажриба тариқасида, сунъий интеллект ёрдамида кучли зилзилаларни ўрта муддатли ва узоқ муддатли прогноз қилиш Тошкент шаҳрида ташкил этилади.
Шунингдек, 2026-йил 1-мартдан бошлаб сунъий интеллект технологиялари ёрдамида бино ва иншоотларнинг сейсмик чидамлилиги бўйича техник ҳолати таҳлил қилинади.