Ўзбекистонда 2021 йилда экспорт ҳажми қанча бўлиши прогноз қилинди

Ўзбекистонда 2021 йили экспорт ҳажми 17  миллиард доллар атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни инвестициялар ва ташқи савдо соҳасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда 2021 йилга мўлжалланган асосий вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказган.

Маълум қилинишича, йиғилишда 2021 йил 1 январдан бошлаб, халқаро молия институтлари кредит маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича янги тизим жорий этиш, ҳар бир лойиҳада белгиланган маблағларни самарали ўзлаштириш ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида «Лойиҳа офислари» раҳбар ва ходимлари малакасини ошириш ва уларни ўқитиш муҳимлиги таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

2021 йили экспорт ҳажми 17  миллиард доллар атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга экспорт шартномаларини ҳозирданоқ тузиш, 1 январдан Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилган. Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ҳамда унинг ўринбосарлари ушбу вазифаларни бажариш бўйича режалари юзасидан ахборот берган.

Аввалроқ Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раиси ўринбосарини қабул қилгани хабар қилинган. Учрашувда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ва МДҲ доирасидаги мулоқотларни давом эттириш масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Янгиликлар