Ўзбекистонда ҳаводаги коронавирус инфекциясини йўқ қилувчи қурилма ихтиро қилинди
Ўзбекистонда ҳаво ва нарса-буюмлар юзасидаги инфекциялар, хусусан, COVID-19 вирусини йўқ қилувчи қурилма ихтиро қилинди. Бу ҳақдаИнновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қурилма «Биогенетик» илмий ишлаб чиқариш корхонаси томонидан яратилган. Мазкур мослама ноябрь ойида ўтказилган InnoWeek.uz — 2020 инновацион ғоялар ҳафталиги доирасидаги кўргазмада намойиш этилган. Корхона директори Олимжон Юсуповнинг айтишича, қурилма вирусни ўлдириш хусусиятига эга бўлиб, бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган.
«Қурилма 3 хил ҳажмга эга бўлиб майдон кенглигига қараб танланади. Қурилма ўзидан тўйинтирилган электронлар чиқаради. Дастлабки синовлар ўтказилганда ҳаводаги мавжуд зарарли микробларни йўқ қилди. Уни янги модели устида ишлаб, янада такомиллаштирилгач коронавирусга ҳам синов тариқасида ўтказиб кўрилди. Кутганларимиз ижобий натижа берди. Қурилма ҳаводаги, сиртдаги барча мавжуд вирус ва коронавирусни буткул ўлдиради. Биринчи кўзланган мақсад вирусни зарарсизлантириб, ерга тушириб, кейин ювиб ташлаш эди. Аммо мукаммаллаштирилган қурилма ундан-да яхши натижа берди, яъни вирусни ҳавода турган ҳолатда ўлдирди», — дейди Олимжон Юсупов.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, ускунада ҳеч қандай дори воситаси ёки вакцина мавжуд эмас. Технологиядаги мавжуд суюқлик вирусларни ўлдириш хусусиятига эга.
«Қурилма бир неча синовлардан самарали ўтди. Ҳаттоки клиник синовлари ҳам ниҳоясига етди. Натижа ижобий. Қурилманинг автомобиллар учун фойдаланиладиган ҳажмини ҳам ишлаб чиқдик. Тез тиббий ёрдам учун фойдаланилаётган Damas ва Honda’да синалди. Яхши натижа берди. Қурилма учун зарур бўлган 12 волт, машина учун муаммо эмас», — деб маълум қилган у.
Ихтирочининг сўзларига кўра, қурилма нархи арзон бўлади, чунки ускуна ҳам, унинг таркибий қисмлари ҳам Ўзбекистон ишлаб чиқарилади. Қурилмани ишлаб чиқариш ишлари бошланган.
Аввалроқ Ромитанлик ўқувчи музлаткичли велосипед ихтиро қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, НамДУ талабалари ёд ва темир моддаси ўрнини босадиган цукатлар тайёрлаш технологиясини ишлаб чиққани маълум қилинганди.