Ўзбекистонда ишлаш учун хорижга чиқаётганда кимларга микроқарз берилиши маълум қилинди
Ўзбекистонда кам таъминланган оила аъзоларига ишлаш учун хорижга чиқаётганда микроқарзлар берилади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
маълум қилинишича, 2021 йил 1 январдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими»га киритилган кам таъминланган оила аъзоси ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик ишлаш учун хорижга чиқаётганда уларга микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинади. Микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 млн сўмгача миқдорда 1 йил муддатга берилади.
Микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг 200 га яқин фуқароси Россиядаги қурилиш объектларига ишга жўнатилиши ва Россияда мигрантлар ҳужжатларининг амал қилиш муддати узайтирилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россияга чиқиши соддалаштирилиши хабар қилинган.