Ўзбекистонда исм-фамилияни ўзгартириш учун қанча миқдорда тўлов қилиниши ҳақида маълумот берилди

Давлат хизматлари агентлиги ижтимоий тармоқлардаги исм, фамилия, ота исмини ўзгартириш, бунинг учун тўланадиган тўлов билан боғлиқ бўлган турли муҳокамалар юзасидан маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, Ўзбекистон Оила кодексининг 226-моддасида фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тартиби ҳақидаги қоидалар ифода этилган. Унга кўра, фуқаронинг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси ўн олти ёшга тўлгандан кейин ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан кўриб чиқилиши, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги хулоса ички ишлар органлари томонидан ушбу шахс тегишлича текширувдан ўтказилгандан кейингина тузилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад этганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган. Бундан ташқари, ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органига юқоридаги масала юзасидан ариза бериши мумкин.

Хабарга кўра, фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар ФҲДЁ бўлимлари томонидан қуйидаги:

  • «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон қонунининг 15-моддасига биноан;
  • суднинг ҳал қилув қарори асосида;
  • агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;
  • агар фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;
  • хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;
  • оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);
  • 16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилаш каби ҳолатларда кўриб чиқилади.

Таъкидланишича, исм-фамилия ва ота исмини ўзгартирганлик учун 18 ёшгача бўлган шахслардан 144 900 сўм, 18 ёшдан катталардан 256 400 сўм миқдорида давлат божи ҳамда герб йиғими ундирилади.

Янгиликлар