Пастдарғомда 8 нафар хотин-қиз қўшимча грант асосида талаба бўлди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 8 нафар хотин-қиз қўшимча грант асосида талабаликка қабул қилинди. Бу ҳақида туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги» қарорига асосан Пастдарғом тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан тавсия этилган хотин-қизлардан 8 нафари грант асосида ўқишга қабул қилинди.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Тавсияномалар қуйидаги мезонлардан бири асосида берилган:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида;
  • яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар.

Қайд этилишича, 19 октябрь, душунба куни Самарқанд шаҳар Ёшлар маркази биносида ОТМга қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома берилган ва грант асосида ўқишга қабул қилинган талаба қизлар билан учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда грант асосида ўқишга кирган хотин-қизларга совғалар топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 100 дан ортиқ хотин-қиз имтиёз асосида талабаликка қабул қилинганди. Шунингдек, Фарғонада 100 нафар хотин-қиз қўшимча грант асосида талаба бўлгани маълум бўлди.

Янгиликлар