Хонанда Жасур Умиров қамоққа олинди
Самарқандда вояга етмаган қизнинг номусига теккани гумон қилинаётган хонанда Жасур Умиров қамоққа олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, вояга етмаган Ш.М. адвокати М.Рустамова билан биргаликда вилоят прокуратурасига мурожаат этишиб, Жасур Умировга нисбатан бўлган жиноят иши тергов ҳаракатларидан норозиликларини баён этишган.
Мурожаат Самарқанд вилоят прокурори Равшан Машарипов томонидан ўрганилиб, ариза муаллифи адвокати М.Рустамова иштирокида ўзи раҳбарлигида вилоят прокуратураси ва ИИБ масъуллари иштирокида 2020 йил 18 декабрь куни қабул қилиниб, жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинганлиги ва тез кунларда қонуний қарор қабул қилиши таъкидланган.
Шундан сўнг Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан айб эълон қилинган ҳамда суднинг 21.12.2020 йилдаги ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Жиноят иши тергови вилоят прокурори Равшан Машарипов томонидан алоҳида назоратга олинган.
Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 118-моддаси билан судланган шахс жиноятнинг оғирлик даражасига қараб 3 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани тахмин қилинаётган ҳолат юзасидан жиноий иш очилганди.