Саудия Арабистонига киришга қўйилган тақиқ бекор қилинди

Саудия Арабистони ҳукумати коронавируснинг янги штамми билан боғлиқ ҳолда мамлакатга киришга киритилган тақиқловни бекор қилди.

Фото: «Arabian business»

«SPA» ахборот агентлигининг маълум қилишича, хорижликлар подшоҳликка киришдан олдин Британия, ЖАР ва коронавируснинг юқумлироқ янги тури тарқалаётган бошқа давлатларда 2 ҳафтадан кўпроқ вақт бўлмаган бўлса, Саудия Арабистонига киритилади. Бундан ташқари, коронавирусга манфий тест тақдим қилиш ва хорижлик қайси давлатдан келаётганига боғлиқ ҳолда 3 кундан 14 кунгача карантинда қолиши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони Британия бош вазири Борис Жонсон коронавируснинг янги штамми 70 фоизга юқумлироқ эканини маълум қилгандан кейин ўз чегараларини ёпишга қарор қилганди. Шу сабабга кўра, шунингдек, декабрда ўнлаб давлатлар Британия билан авиаалоқани тўхтатишга қарор қилган.

Маълумот учун, Тақиқлов 21 декабрдан амал қилиб келаётганди.

Аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистон фуқаролари учун чегараларини ёпгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида бўлган Қирғизистон фуқаролари мамлакатни тарк этиши, Қирғизистонда бўлган ўзбекистонликлар эса ватанга кириши мумкин бўлган.

Янгиликлар