Ўзбекистонда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилди
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қайд этилишича, вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида кодекс лойиҳаси билан қуйидагилар назарда тутилган:
- илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан, тадбиркорлик cубъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда;
- тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари базаси ихчамлаштирилиб, тадбиркорлар ичида оммабоп бўлмаган «хўжалик ширкати» ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинмоқда;
- якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда;
- тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланмоқда;
- кодекс лойиҳаси билан яхлит 9 та амалдаги қонун, 2 та янги қонун лойиҳалари ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари бирлаштирилиб, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан бошлаб уни тугатишгача бўлган барча жараёнларни тартибга солишга қаратилган;
- 43 та давлат органининг 146 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 18 турдаги текширувлар рўйхатлари кодексга илова сифатида тасдиқланмоқда.
Бунда рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда.