Япония дунёдаги биринчи ёғоч космик сунъий йўлдошни яратмоқда

Япониянинг «Sumitomo Forestry» компанияси ва Киото университети космосда чиқиндиларни келтириб чиқармаслик мақсадида дунёдаги биринчи ёғоч космик сунъий йўлдошни яратмоқчи. Бу ҳақда «ВВС» хабар берди.

Фото: «Sumitomo Forestry»

Компаниянинг таъкидлашича, космик чиқиндилар тобора жиддий муаммога айланиб бормоқда. Чунки атмосферага кўплаб сунъий йўлдошлар учирилмоқда. Аммо ёғоч сунъий йўлдошлар охир-оқибат зарарли моддаларни ташламасдан ва ерни ахлат билан тўлдирмасдан, ёниб кетади.

Сунъий йўлдош ҳарорат ўзгариши ва қуёш нурларига жуда чидамли ёғоч асосида ишлаб чиқилмоқда. Бироқ мутахассислар космосда фойдаланиш учун материаллар таркибини сир тутмоқда. Янги турдаги йўлдош 2023 йилгача учирилиши режалаштирилган.

«Биз Ер атмосферасига қайтадиган барча сунъий йўлдошларнинг ёниб кетгани ва кўп йиллар давомида атмосферанинг юқори қисмида қолган алюминийнинг зарарли майда зарраларини ҳосил қилганидан хавотирдамиз», — дейди Киото университети профессори ва япон космонавти Такао Дои.

Айни пайтда Ер орбитасида 6000 га яқин сунъий йўлдош мавжуд. Уларнинг тахминан 60 фоизи ҳозирда яроқсиз ҳолга келган.

Аввалроқ Хитой космик кемаси Ойга қўнишга тайёргарликни бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар