Маймунчечак тарқалган давлатда йиртқич ҳайвон гўштини сотиш тақиқланди
Нигерия ҳукумати маймунчечак тарқалишини тўхтатиш учун эҳтиёт чораси сифатида йиртқич ҳайвонлар гўштини сотишни тақиқлади.
Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Муҳаммад Абубакар мамлакатдаги овчилар ва гўшт савдогарларига бу фаолиятни тўхтатишни буюрган. У нигерияликларни маймунчечак билан касалланиши мумкин бўлган одамлар билан алоқа қилмасликка чақирган.
«Овчилар ва йиртқич ҳайвон гўштини сотувчилар Нигерияда патоген тарқалишининг ҳар қандай эҳтимолини олдини олиш учун ушбу амалиётни дарҳол тўхтатиши керак», дейилади баёнотда.
Абубакар, шунингдек, вазирлик Нигерия Касалликларни назорат қилиш маркази ва шу каби ташкилотлар билан вазиятни ушлаб туриш ҳамда назорат қилиши учун ишлаётганини айтган. Қишлоқ хўжалиги департаменти, шунингдек, ветеринария шифокорлари ва бошқа ходимларга ҳайвонларда маймунчечакнинг мумкин бўлган ҳолатларини излаш учун назоратни кучайтиришни буюрган.
Ҳайвонот, истироҳат боғлари, қўриқхоналар ва дам олиш масканлари операторларига ҳайвонлар ҳамда одамлар ўртасида алоқа ўрнатилмасликни кузатиш тайинланган. Нигерия ва Африканинг аксарият минтақаларида йиртқич ҳайвон гўшти «деликатес» ҳисобланади. Мамлакатда кўплаб гўшт бозорлари мавжуд ва тақиқ қандай амалга оширилиши ҳали аниқ эмас.