Озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол нормалари ҳар 3 йилда қайта кўриб чиқилади

3 февраль куни «Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қонун аҳолининг озиқлик қимматига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади.

Вазирлар Маҳкамаси озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди ҳамда Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги юзага келганда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирларни белгилайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мақсади мамлакат аҳолисининг ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш ҳисобига қаноатлантиришдан иборат.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол нормалари мамлакатнинг демографик, ижтимоий ва иқтисодий кўрсаткичларига асосан ҳар 3 йилда қайта кўриб чиқилади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда маҳсулотлар ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан тамғасига рухсат берилгани ҳақида хабар берган эдик.

Қарорлар