Ўзбекистонда маҳсулотлар ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан тамғалашга рухсат берилади
Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
— Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби;
— «Ҳалол» талабларга мувофиқ сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни даврий баҳолаш.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш соҳасини тартибга солиш тўғрисидаги қуйидаги таклифларига розилик берилди:
— Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органларини ташкил этиш;
— Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштиришда ҳамда уларга нисбатан талабларни белгилашда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (SMIIC) томонидан қабул қилинган ва расмий халқаро миқёсда эътироф этилган стандартларга устуворлик ҳуқуқини бериш;
— 2025 йил 1 майдан мазкур қарор ҳамда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти стандартлари талаблари асосида сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан тамғалашга рухсат этиш.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Дин ишлари бўйича қўмита билан олти ой муддатда «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини халқаро тан олинган ташкилотларни жалб қилган ҳолда аккредитациядан ўтказиши белгиланди.
Шунингдек, «Ҳалол» белгиси шакли ҳамда ўлчамини белгилайдиган стандарт лойиҳа ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.
Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.