Бухорода чақалоғини сотмоқчи бўлган шахс озодликдан маҳрум этилди

Бухоро вилоятида бир ойлик чақалоғини 10 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, фуқаро Н.К. 2024 йил июнь ойида ишлаш мақсадида Туркияга бориб, август ойида Ўзбекистонга қайтган ва шу ойда фарзанд кўрган. Орадан кўп ўтмай, яна хорижга чиқмоқчи бўлган аёл фарзандини сотишга қарор қилган.

У 2024 йил 4 сентябрь куни ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, чақалоғини 10 млн сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган. Воқеа жойида у ёзма тилхат ёзиб берган, пул далил сифатида расмийлаштирилган.

Суд жараёнида аёлнинг айби экспертиза хулосалари, аудиоёзувлар, гувоҳлар кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботланиб, Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси) бўйича айбли деб топилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Бухоро