«Довут ота» назорат–ўтказиш пункти ёпилиш муддати узайтирилди
Қозоғистон – Ўзбекистон чегарасидаги «Тажен» ва «Довут Ота» назорат-ўтказиш пунктлари таъмирлаш ишлари туфайли яна 4 ойга ёпилди. Бу ҳақда «Казинформ» хабар берди.
Хабарга кўра, Ўзбекистон билан келишилган ҳолда мазкур пунктлар орқали жисмоний шахслар, енгил автомобиллар, автобуслар ва 3,5 тоннагача юк кўтариш қувватига эга транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилган.
Таъмирлаш ишлари доирасида металл конструкцияларни ўрнатиш, муҳандислик тармоқларини ётқизиш ҳамда биноларни капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, май ойидан августгача Қозоғистон «Тажен» (Қозоғистон) ва «Довут Ота» (Ўзбекистон) пунктлари орасидаги нейтрал чизиқда йўл қуради. Ўзбекистон томонида ҳам шундай ишлар режалаштирилган.
Ўзбекистон Қозоғистоннинг чегарадан ўтиш чекловини 2025 йил 1 сентябргача узайтириш таклифини қўллаб-қувватлади.