Чегарада синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга уринган шахслар ушланди

Қозоғистондан Ўзбекистонга синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга уринган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Тошкент вилоятидаги «Навоий» чегара божхона постида Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1983 ва 1988 йилларда туғилган икки фуқаронинг тиббий ускуналари текширувдан ўтказилди. Натижада, ускуналар ичига яширилган, умумий қиймати 1 миллион долларга тенг 4,2 кг «Мефедрон» ва 4 кгга яқин «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давомида ушбу ишга алоқадор Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи 5 нафар фуқаро ҳам ушланди. Маълум бўлишича, улар Telegram орқали Россия фуқароси кўрсатмаларига асосан наркотик савдоси билан шуғулланган.

Шунингдек, чегара постида яна бир ҳолат аниқланиб, 1980 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси томонидан ёлланган шахс газ плитаси ичида 2 кгга яқин «Альфа-ПВП» моддаси билан ушланган. Ушбу моддани Тошкентда қабул қилиб олган шахс ҳам қўлга олинди.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246 ва 273 моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон