Чегарада 55 млн сўмлик маданий бойликларни олиб чиқишга уриниш фош этилди
«Навоий» чегара божхона пости орқали Ўзбекистон ҳудудидан чиқмоқчи бўлган фуқаронинг қўл юкларини текшириш чоғида 42 дона маданий бойлик аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармаси хабар берди.
Қайд қилинишича, фуқаро оғзаки сўровда бу буюмлар ҳақида маълумот бермаган ва уларни божхона декларациясида ҳам кўрсатмаган. Текширув давомида 13 дона мусиқа асбоби, 10 дона ваза, 3 дона кўза, 12 дона кичик обдаста, 1 дона калян учун мослама, 2 дона қозон ва 1 дона қўл ювгич топилган. Буюмларнинг умумий қиймати 55 млн сўмга баҳоланган.
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги томонидан ўтказилган бадиий экспертиза хулосасига кўра, ушбу ашёлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги 131-сонли қарорига мувофиқ маданий бойликлар тоифасига киради ва уларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш тақиқланади.
Айни пайтда ҳолат юзасидан қонунчиликка мувофиқ суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.