Тошкентда сувда чўкаётган эркак номаълум шахслар томонидан қутқарилди
Тошкентда номаълум фуқаролар каналда чўкиб кетаётган шахснинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, кеча соат 20:52 да пойтахтдаги Олмазор тумани «Олимпия» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Дамаши каналида одам чўкиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 21:01 да махсус қутқарув техникаси етиб келганда, шу ердан ўтаётган иккита номаълум фуқаролар ўзларини сувга отиб, чўкаётган шахснинг ҳаётини сақлаб қолишганини аниқлашган.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси номаълум қаҳрамонларга инсон ҳаётини сақлаб қолганлиги учун ўз миннатдорчилигини билдирган.