Ҳиндистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайди
Ҳиндистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 3,7 минг нафардан ошди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш ва оилавий фаровонлик вазирлигига таяниб Hindustan Times нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, сўнгги бир сутка ичида 360 дан ортиқ янги ҳолатлар аниқланган. Шу вақт мобайнида COVID-19 сабабли икки киши вафот этган. Қурбонлардан бири ёндош касалликларга эга бўлган 63 ёшли эркак, иккинчиси эса 24 ёшли аёл бўлган.
Энг кўп касалланиш ҳолатлари Керала (1,3 минг ҳолат), Махараштра (467 ҳолат) ва Деҳли (375 ҳолат) штатларида қайд этилди.
Ўтган ҳафтада мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони 257 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кўрсаткич деярли 10 баробар ошган.
Касалликнинг аксарият ҳолатлари енгил шаклда ўтаётганига қарамай, расмийлар фуқаролардан ҳушёрликни оширишни, одамлар гавжум жойларда ниқоб тақишни, ижтимоий масофа сақлашни ҳамда гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишни сўрамоқда.
Қайд қилинишича, касалланиш ҳолатларининг ортиши янги аниқланган NB.1.8.1 ва LF.7 номли коронавирус вариантлари билан боғланмоқда. Бу вариантлар аввалги штаммлардан генетик жиҳатдан фарқ қилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу штаммларни ҳозирча «Хавотирли вариантлар» тоифасига киритмаган. Улар айни пайтда «Назорат остидаги вариантлар» сифатида баҳоланмоқда.