Исроилнинг Дамашққа уюштирган ҳаво ҳужумида 3 киши ҳалок бўлди

Исроил армияси 16 июль куни Суриянинг пойтахти Дамашққа ҳаво ҳужумлари уюштирди. Бу ҳақда мaнбаларга таяниб Anadolu аганетлиги хабар берди.

Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳужумлар натижасида камида 3 киши ҳалок бўлган, 34 киши эса жароҳат олган.

Давлат ахборот агентлиги SANA хабар беришича, ҳужумларда Дамашқдаги Бош штаб мажмуаси ва Президент саройи – Қаср аш-Шааб нишонга олинган. Исроил армияси ушбу ҳужумларни тасдиқлаган ва Президент саройига берилган зарбани «огоҳлантирувчи ҳужум» деб атаган.

Исроил қирувчилари шунингдек, Дамашқ атрофидаги Дараа вилояти ҳамда Қатана шаҳрига ҳам ҳаво зарбалари бергани айтилмоқда.

Исроил Мудофаа вазири Исраэл Катз Дамашққа «оғриқли зарбалар» берилишини билдиргач, ушбу ҳужумлар бошланган.

KAN давлат телеканали Исроил армияси ўтган кечадан бери Сурияда, асосан Сувейда шаҳрида 160 га яқин нишонни урганини маълум қилган.

Сурия Ички ишлар вазирлиги Сувейда вилоятидаги қуролли друз ва бадавий гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг тинчликни таъминлаш мақсадида армиянинг ҳудудга киритилганини билдирган. Шу сабабли, Сурияда армиялар тўқнашуви хавфи ортмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил друзларни ҳимоя қилиш учун Сурия қўшинларига авиаҳужум уюштиргани ҳақида хабар бергандик.

 

Жаҳон