Бухорода 1800 дан ортиқ дарахт бошқа ҳудудга кўчириб ўтқазилди
Ижтимоий тармоқларда Когон—Бухоро йўлида дарахтлар кесилаётгани ҳақида видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан Бухоро вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати изоҳ берди.
Маълум қилинишича, А-380 Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнау автомобил йўлининг 218-228 км (20 км) қисмида реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида қурилиш таъсир доирасига тушган жами 1824 туп мевали ҳамда манзарали дарахт қонунчилик талаблари асосида ҳоли ҳудудларга кўчириб ўтқазилмоқда.
Таъкидланишича, ушбу жараён Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, 1824 туп дарахтнинг 151 тупи Боқий Бухоро мажмуаси ҳамда Янги Ўзбекистон боғига кўчириб ўтқазилган. Қолган дарахтларни ҳам холи ҳудудларга кўчириш ишлари изчил давом эттирилаётгани қўшимча қилинган.
Маълумот учун, А-380 Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнау йўлида реконструкция ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ушбу жараён давомида лойиҳа доирасига тушган барча дарахтлар экологик талаблар ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ равишда янги жойларга кўчириб ўтқазилиши таъминланади, дейилади хабарда.