Ўзбекистонда кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади
Ўзбекистонда кам таъминланган шахслар учун давлат ҳисобидан юридик ёрдам бериш тизимини яхшилаш чоралари кўрилмоқда, деб хабар беради Адлия вазирлиги.

Хусусан, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, кам таъминланган шахслар, агар улар муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган, Конституциявий судга шикоят билан мурожаат этган фуқаронинг илтимосига кўра Конституциявий суд томонидан юборилади.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.





