Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун мансабдор шахслар жавобгарлиги кучайтирилади

Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Хусусан, корхона, муассаса, ташкилот, жамоат жойлари, омборхона бинолари, ётоқхона ва турар жойларда, шунингдек тегишли объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва қайта қуриш чоғида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш учун:

• фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Қайд этилишича, амалдаги таҳрирда мазкур ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Шунингдек, киритилган қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ёнғин назорати бўйича бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари давлат ёнғин назорати органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда мансабдор шахсларга БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима солишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Амалдаги таҳрирда мазкур жарима миқдори БҲМнинг 20 баравари этиб белгиланган.

Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг ҳамда аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига бошқача тарзда муқаррар хавф пайдо бўлишининг олди олиниши муносабати билан тадбиркорлар фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриши мумкинлиги белгиланди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон