Ўзбекистоннинг давлат қарзи деярли $47 миллиардга етди
Давлат қарзининг ЯИМга нисбати 26,6% ташкил этмоқда

Фото: «Tez News»
2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 46,9 миллиард долларни ташкил этди. Мазкур маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг сайтида тақдим этилган.
Қайд этилишича, мазкур маблағнинг асосий қисми, яъни 39,7 миллиард доллари давлат ташқи қарзи ҳиссасига тўғри келади. Ички қарз ҳажми эса 7,2 миллиард доллардан иборат. Ҳозирги кунда давлат қарзининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига (ЯИМ) нисбати 26,6 фоизни ташкил этмоқда.
Халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик йўналишида энг катта маблағ анъанавий тарзда Жаҳон банкидан жалб қилинган. Таҳлилларга кўра, мазкур чоракнинг ўзида мамлакатнинг умумий давлат қарзи 100 миллион доллардан зиёдга ошган.





