Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан учрашди

Президент футболчиларга кутилаётган Жаҳон чемпионатида омад тилади

Президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари, мураббийлар штаби, соҳа фахрийлари ва спорт жамоатчилиги вакиллари билан учрашув ўтказди.

Давлат раҳбари терма жамоанинг АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олгани халқимиз учун тарихий воқеа бўлганини таъкидлади. Футбол мухлислари бу кунни 34 йил кутгани билдирилди.

Президент футболчилар, уларни тарбиялаб вояга етказган ота-оналари, устоз ва мураббийларга миннатдорлик билдирди.

Футболчиларимизни Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган замонамиз қаҳрамонлари деб айтсак арзийди. Улар халқимизга олам-олам қувонч бағишлади, – деди давлат раҳбари.

Учрашувда миллий терма жамоанинг муваффақияти нафақат спорт соҳаси, балки бутун жамият ҳаётида катта руҳий кўтаринкилик уйғотгани қайд этилди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда спортни, хусусан, футболни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жойларда 200 дан зиёд йирик спорт иншооти, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлади. 1,5 мингдан ортиқ маҳаллада спорт майдончалари қурилди.

Пойтахтда замонавий Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, Юқори Чирчиқда Миллий футбол маркази ишга туширилди. Ҳар бир вилоятда профессионал футбол академияси ва футбол мактаблари ташкил қилинди.

Бу ишлар натижасида ҳаваскор футболчилар сони 5 миллионга етди. Футбол билан мунтазам шуғулланувчилар 1 миллион 300 мингдан ошди, профессионал футболчилар 17 минг нафарга етди.

Учрашувда футболни маҳаллаларгача кенг ёйиш, уни ёшлар тарбияси, соғлом турмуш тарзи, интизом ва ватанпарварлик мактабига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу мақсадда «Ҳар бир маҳалла – футбол майдони» дастури бошланиши белгиланди. Мазкур ташаббус умуммиллий ҳаракатга айлантирилади.

Дастур доирасида «Маҳалла лигаси» ташкил этилиб, 12-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида маҳалла футбол жамоалари тузилади. Ҳар йили ҳаваскор футболчилар иштирокида «маҳалла – туман – вилоят – республика» босқичларидан иборат мусобақалар ўтказилади.

Таъкидланганидек, «Маҳалла лигаси» энг яхши иқтидорларни саралашда профессионал клублар учун муҳим база бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир болага ўз маҳалласида футбол билан шуғулланиш, мусобақаларда иштирок этиш ва истеъдодини намоён қилиш имконияти яратилади.

Учрашувда миллий терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби фаолияти ҳам алоҳида қайд этилди.

Давлат раҳбари Фабио Каннаварони жаҳон футболида катта тажрибага эга мутахассис сифатида таърифлади. У 2006 йилда Италия терма жамоаси сардори сифатида жаҳон чемпиони бўлган, ўша йили дунёнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилиб, «Олтин тўп» совринини қўлга киритган.

Президент Фабио Каннаварони мураббий сифатида мундиалдаги биринчи иштироки билан табриклаб, мураббийлар штабига муваффақият тилади.

Давлат раҳбари жаҳон чемпионатида осон ўйин бўлмаслигини, миллий терма жамоа Португалия, Колумбия ва Конго каби кучли жамоаларга қарши майдонга тушишини таъкидлади.

Шу билан бирга, футболчилар аллақачон тарих яратгани, энди улар муҳим учрашувларда ортиқча босимсиз, бор куч-ғайрати билан Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилиши зарурлиги қайд этилди.

Эл-юртимиз сизларга ишонади, Президент сизларга ишонади. Боринглар, мардонавор ўйнанглар, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилинглар, – деди давлат раҳбари.

 

Ўзбекистон