Ўзбекистонда 23 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузарликлар аниқланди
Аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилиб, тўпланган материаллар суд органларига юборилди.

Ўзбекистонда давлат харидларида 23 миллиард сўмдан ортиқ қонунбузарликлар қайд этилди, деб Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, олиб борилган ўрганишлар натижасида:
• ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган жами қиймати 9,1 млрд сўмдан ортиқ бўлган 6 та;
• инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган жами қиймати 8 млрд сўмга яқин бўлган 6 та;
• мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилган жами 6,7 млрд сўмга яқин бўлган 10 та танлов савдоларида «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаганлиги, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Қўмита Махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан бажарилиши мажбурий кўрсатмалар берилди, — дейилади хабарда.
Шунингдек, буюртмачи ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланиб, тегишли суд органларига маълумотлар юборилган.





