Деҳлини заҳарли тутун қоплагани сабабли транспорт ҳаракати чекланди

Деҳли расмийлари ҳавонинг кучли ифлосланиши туфайли мактабларни ёпди, қурилиш ишларини тўхтатди ва юк машиналарининг Ҳиндистон пойтахтига киришини чеклади. Бу ҳақида Аssociated Press хабар қилди.

Ҳозирда шаҳарга фақат кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган маҳсулотлар ташувчи юк машиналари киритилмоқда.

Атмосферада инсон саломатлигига зарарли заррачалар кўп бўлгани сабабли ҳукумат вакиллари болалар, қариялар ва сурункали нафас йўллари касалликларига чалинган фуқароларни уйда қолишга чақирди.

Бундан ташқари, авиакомпаниялар кўриш имконияти ёмонлиги сабабли парвозлар кечикиши ҳақида огоҳлантирган.

Ҳиндистон пойтахтининг айрим ҳудудларида ҳавонинг ифлосланиш даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан рухсат этилган меъёрдан 50 баравар юқори.

Деҳли аҳолиси ижтимоий тармоқларда бош оғриғи ва қуруқ йўталдан шикоят қилмоқда.

Жаҳон