Британия Украина урушида қурол етказиб бергани учун Эронга санкциялар киритди

Буюк Британия Эроннинг Россияга баллистик ракета ва бошқа қуролларни етказиб бергани учун Iran Air авиакомпанияси ва The Islamic Republic of Iran Shipping Lines (IRISL) юк ташиш компаниясига қарши санкциялар киритди.

Иккала компания ҳам Эрондан Россияга баллистик ракеталар ва бошқа қуролларни олиб ўтишда айбланмоқда. Ушбу компанияларнинг активлари музлатилган. Бундан ташқари, Россиянинг «Порт Оля-3» кемасига учинчи давлатлардан Россияга ҳарбий юкларни олиб ўтгани учун санкциялар киритилди. Унга Британия портларига кириш тақиқланган.

Британия ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, янги санкциялар Германия, Франция ва Буюк Британия ўртасида сентябрь ойида эришилган уч томонлама келишувга мувофиқ жорий қилинган. Ўшанда уч мамлакат ҳукуматлари Эрондан Россияга ракета етказиб берилиши фонида Теҳронга қарши жазо чоралари кучайтирилишини эълон қилди.

Аввалроқ, Британия ҳукумати Ўзбекистондаги компанияларга ҳам санкция киритгани ҳақида хабар берган эдик.

Жаҳон